Аbdulla Qahhor zamondoshlari xotirasida

09.04.13 | yabgu

http//photoload.ru/data/c2/d4/f8/c2d4f853a3427770018426f43c38.jpg


Аbdulla Qahhor zamondoshlari xotirasida / Абдулла Қаҳҳор замондошлари хотирасида
Author: Kollektiv
Composer & To'plovchi: Kibriyo Qahhorova,Otayor Nahanov
Publisher: Toshkent.,G'afur G'ulom nashriyoti
Publication date: 1987
Number of pages: 368
Format / Quality: PDF
Size: 13,34 Мb
Language: Uzbek

Цитата:
ХХ аср ўзбек адабиётининг ривожига салмоқли ҳисса қўшган улуғ адиб, шоир, ёзувчи, драматург, таржимон Абдулла Қаҳҳор 1907 йил 17 сентябрда Қўқонда темирчи оиласида дунёга келди.

Абдулла Қаҳҳор туғилиб ўсган оила машаққатли ҳаёт даҳшатларини бошидан кечирди. Отаси Абдуқаҳҳор Жалилов темирчилик билан кун кўрган. Оила тирикчилик туфайли Қўқон атроф қишлоқларини кезиб, кўчиб юрган. Абдулланинг болалиги Яйпан, Нурсун, Нудош, Бувайдо, Толик, Олқор каби Қўқон атрофидаги қишлоқларда кечади.

Абдулла ўн ёшга кирганда Бувайдодаги эски мактабга ўқишга боради, яъни Оққўрғон қишлоғидаги Мамажон қорининг усули савтия мактабида таҳсил кўрди.
Оиласи Қўқонга кўчиб келгач “Истиқлол” номли мактабда ўқишни давом эттиради, ундан интернат, “Коммуна”, “Намуна” мактабларида, сўнг билим юртида таҳсил кўради.

Абдулла Қаҳҳор билим юртининг “Адиб” қўлёзма журналида дастлабки машқлари билан қатнашади. Тошкентдаги “Қизил Ўзбекистон” газетаси таҳририятининг “Ишчи-батрак мактублари” варақасига муҳаррирлик қилади. 1925 йилда у газетада ишлаш жараёнида Ўрта Осиё давлат университетининг ишчилар факультетини тамомлайди.

Абдулла Қаҳҳор яна Қўқонга бориб, дастлаб ўқитувчиларни қайта тайёрлаш курсида муаллимлик қилади. Укўп вақт ўтмай “Янги Фарғона” вилоят газетасига котиб ва “Чиғириқ” ҳажвий бўлимига мудир этиб тайинланади.

Абдулла Қаҳҳор адабий фаолиятини шоир сифатида бошлаган. Унинг “Ой куйганда” илк ҳажвий шеъри 1924 йилда “Муштум” журналида “Норин шилпиқ” тахаллуси остида босилди. Сўнг унинг бир қанча ҳажвий шеър ва ҳикоялари “Муштум”, “Янги йўл” журналлари ва “Қизил Ўзбекистон” газетасида Мавлон куфур, Гулёр, Ниш, Эркабой, Эвой кабитахаллуслар остида эълон қилинди.

Абдулла Қаҳҳор 30 йилларда яна Тошкентга қайтади ва Ўрта Осиё давлат университетининг педагогика факультетига ўқишга киради. Ёзувчи ўша пайтда “Совет адабиёти” журналида масъул котиб вазифасини бажаради. Кейинчалик у Ўздавнашр (1935-1953 йиллар)да муҳаррир ва таржимон, 1954-1956 йилларда Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси бошқарувининг раиси бўлиб ишлаган.

Абдулла Қаҳҳорнинг ижоди шеърият билан бошланган бўлсада, унинг адабий мероси негизини насрий асарлари ташкил этади. “Бошсиз одам” ҳикояси 1929 йилда чоп этилган вақтдан бошлаб умрининг охиригача ҳикоя, очерк, публицистика, қисса ва роман жанрларида самарали ижод қилди.

Адибнинг биринчи “Қишлоқ ҳукм остида” қиссаси 1932 йили чоп этилган. Кейинчалик 1933 йилда “Олам ёшарадир”, “Қотилнинг туғилиши”, 1935 йилда “Қанотсиз читтак”, 1936 йилда “Мастон” каби ҳикоялари тўпламлари нашрдан чиқди.

Абдулла Қаҳҳорнинг 30-йиллар ижодида унинг биринчи романи – “Сароб” муҳим ўринни эгаллайди. Ёзувчининг ушбу романи бош қаҳрамон Саидийнинг фаолиятини кўрсатишга қаратилган, яна унда 20-йилларнинг 2-ярмидаги ўзбек халқи ҳаётининг маиший, этнографик, иқтисодий ва маънавий манзаралари яққол акс этиб туради.

“Сароб” кенг мавзули роман бўлгани учун ёзувчи ўзининг бадиий ниятини яланғоч ҳолда кўрсатмай, уни шу давр ҳаётининг бошқа манзаралари кўринишида реаллаштиришга уринган. Воқеалар тасвирида ёзувчи ҳаёт ҳақиқатини сақлаб қолган.

Ёзувчининг уруш йилларида бир қанча фельетон, очерк ва ҳикоялари эълон қилинди. “Асрор бобо”, “Дардақдан чиққан қаҳрамон”, “Кампирлар сим қоқди”, “Хотинлар” ҳикоялари ва “Олтин юлдуз” каби қиссаларида ўзбек жангчиларининг мардлиги, халқимизнинг меҳнатдаги жонбозлиги, юксак ватанпарварлиги ифодаланган.

Адабиётшунос олим Ҳафиз Абдусаматов айтганларидек, Абдулла Қаҳҳорнинг улкан хизмати шундаки, у чақалоқ ҳолда бўлган новеллани ўстирди, вояга етказди, унинг ривожига бўй берди. Унинг ҳикоялари билан орқада қолган бу жанрнинг танглиги кўтарилиб борди, бошқа жанрларга етиб олди, адабиётда мустаҳкам, тарихда абадий қоладиган ўринни эгаллаб олди. Абдулла Қаҳҳорнинг “Бошсиз одам” ҳикояси унинг новеллачилик фаолиятига, умуман ижодига катта ишонч бағишлади.

30-йилларга келиб, адибнинг бу соҳадаги таланти қийғос очилди. Энг яхши ҳикоялари шу даврда юзага келди. Бақувват, ҳаммага манзур бўлган ҳикоялари китобхонларга кетма-кет тақдим этила бошлади. “Кўр кўзнинг очилиши”, “Анор”, “Бемор”, “Ўғри”, “Майиз емаган хотин”, “Адабиёт муаллими”, “Санъаткор”, “Мунофиқ” каби ҳикоялари новелланинг баркамол намуналари бўлиб майдонга чиқди.

Аввало, уларда Абдулла Қаҳҳор ҳаётдаги турли тоифадаги кишиларнинг зарур, керакли томонларини олиб усталик билан типиклаштириб, пухта характерлар яратиб берди. Катта ҳамждаги асарлар инсон характерини яратиш учун кенг йўл очади.

Бундай асарларнинг муаллифлари қаҳрамонларини турли вазиятларга олиб кириш, ҳар хил кишилар билан тўқнаштириб, портретларини ҳар томонлама таърифлаб, талай бақувват характерлар чизганлар. Аммо митти асарларга характер ярата олиш, уларни курашга олиб кириш, тақдирларини ишонарли ҳал қилиб, пухта характерларини чизиш муаллифлардан катта санъатни талаб қилади. Абдулла Қаҳҳор эса юқорида тилга олинган ҳикояларида бу мушкул санъатни тўла эгаллаб олганини намойиш қилади.

Бунга у ҳаётни тўла билиши, инсонларнинг ички оламига чуқур кириб бориши орқали эришади. Бу эса ўз қаҳрамонларининг шодлигини, қайғу-аламларини, ҳаяжонларини, ғазабнафратларини, кучли кечинмаларини ёрқин ифода этишга имконият туғдирди.

Новеллаларда киши руҳининг мураккаб томонлари нозик тасвирларда кўринади. Ёзувчи ҳикояларининг муҳим хусусиятлари шундаки, уларда инсоннинг ички ҳолати тўғри тасаввур қилиниши билан бирга, руҳий ҳолати асар мазмуни билан боғланиб кетади.

Абдулла Қаҳҳор жажжи ҳикояларида сатирик ва юморист сифатида ўз талантининг янги қиррасини намойиш қилди. Унда кулгичиликка таомил зўр эди. Буни жуда кўп асарлари айтиб турибди. У ёмонга ўз идеалини, давр нафасини қарши қўяди, асарларининг мазмунига, характерларнинг моҳиятига кулгини, масхарани сингдириб юбориш билан унинг жамиятдаги улкан кучини, ижобий характерини яққол кўрсатади.

Абдулла Қаҳҳорни новеллачиликда улкан муваффақиятларга олиб келган омиллардан яна бири – унинг мумтозлардан, айниқса, рус адабиётидан ўқиш-ўрганиши бўлди. “Улуғ санъаткорнинг ижоди, - деб таъкидлаган эди шоир, - бадиий маҳоратимни оширишда катта мактаб бўлди”.

Москвада ўзбек адабиёти ва санъати декадаси (1959) вақтидаги муҳокамада рус ёзувчилари шундай деган эди: «Ўзбекистонда катта адабиёт бор. У, шу даражада юксалибдики, унинг баъзи вакилларидан, масалан, А. Қаҳҳордан биз ҳам ўрганишимиз керак».

Абдулла Қаҳҳор новелланинг йирик устаси. Шуни алоҳида қайд этиб ўтишимиз керакки, Абдулла Қаҳҳордан олдин ҳам, у ижод этган замонда ҳам, ундан кейин ҳам талай новеллистлар бу турда қалам тебратдилар ва тебратмоқдалар. Лекин уларнинг
ҳеч қайси бири унинг олдига тушолмади. Абдулла Қаҳҳор ўзбек адабиётида тенги йўқ новеллист.

Абдулла Қаҳҳорнинг повестлари китобхонлар орасида кўпроқ машҳур бўлиб кетди. У халқ оммаси ҳаёти ва курашининг турли босқичларини ифода этган повесть ва қиссаларни кетма-кет нашр эттирди. “Дардақдан чиққан қаҳрамон”, “Олтин юлдуз” қиссалари уруш йилларининг даҳшатли ва мардонавор манзаралари билан таништиради.

“Муҳаббат”да эса, ёшларнинг пўлатдай мустаҳкам дўстлиги, икки қалбнинг оташин ҳиссиётлари, бу йўлдаги турли-туман тўсиқларни матонат билан енгиб, қаршиликларга учраганда чок-чокидан сўкилиб кетадиган севги эмас, балки ҳаёт гирдоблари тўлқинларида янада мустаҳкамланадиган муҳаббат мадҳ этилади.

Шунингдек, қиссада ахлоқ-одоб, инсоний муҳаббат, маънавий поклик тарғиб қилинади, молпарастлик, худбинлик қораланади.

Повестлар ичида айниқса, “Ўтмишдан эртаклар” (1965) ҳамда “Синчалак” (1958) китобхонлар ўртасида шов-шувга, уларнинг катта ҳурматига сазовор бўлди.
Абдулла Қаҳҳорнинг “Ўтмишдан эртаклар”и мемуар характердаги асар бўлиб, адибнинг ўз ҳаёти, оиласи мисолида, хотиралари асосида ёзилган бу асарда ҳаёт воқеликлари тарихан аниқ ва реалистик чизилади. Адиб “Ўтмишдан эртаклар”ида бизни ўтган воқеаларга, ҳаётнинг аччиқ-чучук лавҳаларидан олиб ўтади.

Биз ёш Абдулла билан бирга кулфатларни, азобларни бошимиздан кечиргандай бўламиз, янги ҳаёт бўсағасига кириб нашъасини сура бошлагандай бўламиз. Турмушдаги воқеа ва ҳодисаларнинг ишонарли қилиб асослаб айтилиши, уларнинг қизиқарли, бадиийликда ҳикоя қилиниши повестнинг ютуғини таъминлаган асосий омилдир.

Абдулла Қаҳҳор прозанинг деярли барча турларида қаламини чархлаб олгандан кейин, адабиётимизнинг қийин жанрида ижод этиб, тўртта диққатга сазовор бўлган саҳна асарларини ёзди. Санъаткорнинг драматургия соҳасидаги хизмати унинг комедиялари билан характерланади.

Муаллиф шу даврнинг муҳим мавзуларидан бири – қўриқ ерларни ўзлаштириш мавзусидаги “Шоҳи сўзана” (“Янги ер”, 1949-1953) комедиясидир.
Атоқли рус драматурги Николай Погодин “Янги ер”ни “талантли комедия” деб аташи ҳам бежиз эмас.

“Шоҳи сўзана” комедиясида қўриқ ерларнинг – Мирзачўлнинг ўзлаштирилишидан кўра баъзи кишилар онгидаги шўрнинг бартараф этилиши мавзуи биринчи ўринга олиб чиқилган.

Урушдан кейинги ўзбек адабиётидаги асосий конфликт – янгилик билан эскилик ўртасидаги зиддият бу комедияда ўзининг теран бадиий тасвирини топган. Ушбу асарда муаллиф усталик билан кулгили ҳолатлар яратган ва ҳажвий бўёқлардан моҳирона фойдаланган ҳолда конфликтни ўзига хос равишда ҳал қилган. Ушбу комедия хорижий мамлакатлар саҳнасида ҳам ўйналиб, ўзбек театр саҳналарида муваффақиятли намойиш қилинди.

Абдулла Қаҳҳор кейинчалик “Оғриқ тишлар” (1954), “Тобутдан товуш” (1962) ҳамда “Аяжонларим” (1967) комедиялари билан ўзбек драмтургияси ривожига салмоқли ҳисса қўшди. Бу асарларда, хусусан “Тобутдан товуш”да ўша давр учун хос бўлган иллатлар ҳажв ўти остига олинди. Айниқса сўнги асарда Абдулла Қаҳҳор ўзига хос нозик туйғу билан жамиятдан порахўрликдек даҳшатли иллатни таг-томири билан
йўқотиш истагида унинг айрим кўринишларини саҳнага олиб чиқди, у “Сўнгги нусхалар” номи билан ҳам саҳна юзини кўрди.

Абдулла Қаҳҳор ҳаётининг сўнгги кунларида шўро жамиятида шахсга сиғинишнинг авж олиши орқасида юз берган фожиаларни тасвирловчи “Зилзила” қиссаси устида иш олиб борди. Бироқ уни тугата олмаган.

Айни пайтда Абдулла Қаҳҳор асарлари рус, арман, белорус, грузин, латиш, литва, молдован, мордов-эрзя, озарбайжон, татар, тожик, тувин, туркман, уйғур, украин, чечен, қорақалпоқ, қирғиз, қозоқ, эстон каби тилларга таржима қилинган. Унинг
айрим ҳикоялари эса араб, бенгал, болгар, вьетнам, инглиз, испан, монгол, немис, поляк, румин, француз, форс тилларида чоп этилган.

Улуғ санъаткор ёзувчимиз ижод булоғи қайнаб турган бир паллада оғир дарддан 1968 йил 25 майда 61 ёшида дунёдан ўтди.
<div align="center">
Уважаемый пользователь, вам необходимо зарегистрироваться, чтобы посмотреть скрытый текст!
Уважаемый пользователь, вам необходимо зарегистрироваться, чтобы посмотреть скрытый текст!
Уважаемый пользователь, вам необходимо зарегистрироваться, чтобы посмотреть скрытый текст!
Уважаемый пользователь, вам необходимо зарегистрироваться, чтобы посмотреть скрытый текст!
</div>

Поделитесь записью в соцсетях с помощью кнопок:

Просмотров: 4025
Рейтинг:
  • 5